Янгиликлар

Давра суҳбати

«Ўзбекистонда ижтимоий шерикликни ривожлантиришнинг устувор вазифалари»

2020 йил 03 феврал куни Тошкент шахрида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистонда ижтимоий шерикликни ривожлантиришнинг устувор вазифалари” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ОАВ иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 
24 январь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Хусусан, ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиши ҳамда асосланган таклифлар бериши айтиб ўтилди. 

Шунингдек, Мурожаатномада мамлакат ва ҳудудлар даражасида ННТлар билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтириш масаласига ҳам эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланиб, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, соҳани янада ривожланитиришда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масала бўйича мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш лозимлиги билдирилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида бўлиб ўтган давра суҳбатида иштирокчилар томонидан ҳам бугунги кунда ижтимоий шерикликни рағбатлантирувчи механизмларининг заифлиги ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш зарурати борлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, давлат идораларининг ижтимоий шериклик ҳақида тўлиқ тушунчага эга эмаслиги, улар томонидан ННТлар салоҳиятини объектив баҳоламаслиги, шу билан бирга ННТларнинг ижтимоий буюртмаларни амалга оширишда етарли тажрибага эга эмаслиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Тадбир сўнгида давлат идоралари томонидан ННТларга ижтимоий шериклик юзасидан батафсил маълумот берилиши, ижтимоий буюртмага бўлган эҳтиёж бўйича давлат идораларининг ҳамда уни амалга ошириш учун етарли салоҳияти эгалиги бўйича ННТлар тақдимотларини ўтказиб бориш амалиётини йўлга қўйиш белгиланган мақсадларга эришишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш мақсадида қонунчиликдаги баъзи чекловлар ва мураккабликларни соддалаштириш бўйича  қонунчиликка тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Қозоғистоннинг Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (АРГО) томонидан ҳамда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида амалга оширилаётган “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида ташкил этилди.

Янгиликлар

Сайтда маслаҳат бериш

2336666
Мурожаат учун маълумотлар