Маҳаллий ривожланиш марказлари

Ургутдаги Маҳаллий ривожланиш маркази

Ургут туманидаги Маҳаллий ривожланиш маркази (МРМ) «САБР» Маркази томонидан 2011 йилда очилди. Уни очишдан мақсад – кам таъминланган оилаларнинг ёш аёллари ва қизларнинг фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишдан иборат. «САБР» Маркази уни ўз кучлари билан тажриба-синов тариқасида, аҳолида марказ хизматларига қанчалик катта эҳтиёж мавжудлигини билиш учун яратди. Маҳаллий ривожланиш марказининг муваффақиятли фаолияти унинг салоҳиятини янада ошириш лозимлигини кўрсатди.  
Аҳолида МРМ хизматларига эҳтиёж мавжудлиги, Европа Иттифоқи Комиссиясининг шериклик ва институционал ривожланиш Дастури бўйича «Қишлоқ жойларида ҳаётни барқарор таъминлаш ва турмуш стандартларини яхшилаш учун маҳаллий ҳамжамият ривожланишини қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Ўзбекистонда халқ университетларининг Германия Ассоциацияси (DVV INTERNATIONAL), ҳокимликлар, хотин-қизлар қўмиталари, бизнесменлар, коллежлар бошқармаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар кўмагида «САБР» Маркази шу каби Маҳаллий ривожланиш марказларини Оқдарё ва Самарқандда очишига имкон яратди.  
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида Ургут шаҳридаги марказни ташкилий ва институционал ривожлантириш бўйича фаолият олиб борилмоқда.
Бугунги кунга келиб 136 нафар хотин-қизлар МРМда тикиш, қандолатчилик, зардўзлик ва сартарошлик кўникмалари, компьютер саводхонлиги ва тўқиш бўйича сабоқ олдилар. Профессионал билимлар билан бир қаторда, улар самарали мулоқот, соғлом турмуш тарзини юритиш, етакчилик фазилатларини тарбиялаш кўникмаларини орттирдилар ҳамда уларга ўз бизнес-фаолиятини очиш, бандликни таъминлаш, ўз иқтидорларини намоён қилиш ва оилалар фаровонлигини оширишга ёрдам берадиган молиявий таълим ва тадбиркорлик асослари бўйича ўқув курсларидан ўтдилар. «САБР»нинг психологи, шифокори ва ҳуқуқшуноси МРМнинг психологик тикланиш хонасида сайёр консультациялар ўтказмоқдалар.
    
    Марказнинг кўнгилли-ўқитувчиси Ситора Ургут шаҳрида Маҳаллий ривожланиш марказини очиш билан боғлиқ бўлган одатдаги ҳикояни сўзлаб берди:
    
    – Менинг қўшниларимдан бири «Сабр» Микрокредит ташкилоти» шуъба корхонасидан микрозайм олди. У менга Ургутдаги Маҳаллий ривожланиш марказининг фаолияти, у ердаги устозлар турли амалий кўникмалар бераётганлиги тўғрисида айтиб берди. Мен тўқишни яхши биламан ва хуш кўраман. Беш ой олдин ушбу марказга бориб, тўқиш бўйича устоз сифатида ўз ёрдамимни таклиф қилдим. Эндиликда марказда қизларни тўқиш кўникмаларига ўргатяпман ва менга бунинг учун махсус хона ажратилган. Ўз билим ва тажрибаларимни бунга ўрганишга интилаётган бошқа одамларга улашаётганимдан жуда мамнунман. Мен марказда бошқа қизлар билан танишдим, машғулотларда қатнашдим ва микромолиялаштириш дастури тўғрисида эшитиб қолдим. Келгусида микрозайм олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйишни истайман.

Оқдарёдаги Маҳаллий ривожланиш маркази

«САБР» Маркази томонидан ўтказилаётган тадқиқотлар Самарқанд вилояти аҳолисида унинг хизматларига эҳтиёж мавжудлигини кўрсатди. «САБР» ходимлари ушбу хизматлардан барча фуқаролар, асосан, олис қишлоқ ҳудудларида яшовчи аёллар ва ёшлар фойдаланиш имконига эга бўлишлари учун озмунча меҳнат қилмадилар. Илк Маҳаллий ривожланиш маркази (МРМ) 2011 йилда Ургут туманида очилган.
2013 йилнинг октябр ойида ёрқин ва илиқ кунлардан бирида Оқдарё туманида иккинчи Маҳаллий ривожланиш маркази очиқ чеҳра билан ўз эшикларини очди. Ушбу марказ Европа Иттифоқи Комиссиясининг шериклик ва институционал ривожланиш Дастури бўйича «Хэйвен Вулверхэмптон» ННТнинг «Қишлоқ жойларидаги ҳаётни таъминлаш ва турмуш стандартларини яхшилаш учун маҳаллий ҳамжамиятлар ривожланишини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси ҳамда «САБР» томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондидан жалб қилинган грант ҳамда Оқдарё туман ҳокимиятининг кўмаги туфайли яратилди.   
«САБР» Маркази билан ҳамкорликда лойиҳани амалга ошириш даврида 150 нафар ёш аёллар ва қизлар бичиш-тикиш, компьютер саводхонлиги ва сартарошлик кўникмаларига ўргатилди. Бунинг учун Маҳаллий ривожланиш марказида барчаси муҳайё: тренинг зали, тикув машиналари, компьютерлар ва сартарошлик жиҳозлари мавжуд, ва энг муҳими, бу даргоҳга ишлаш учун ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёр бўлган малакали мутахассислар жалб қилинган.  
Шу билан бирга мақсадли гуруҳ тадбиркорлик кўникмаларини ўзлаштиряпти ва «САБР» Микрокредит ташкилоти» шуъба корхонаси томонидан тақдим этилайотган молиявий хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўляпти. Аёллар ва ёшлар учун ижтимоий мавзулар ва бизнес бўйича тренинглар ўтказиляпти, бепул асосда психологлар, шифокор ва ҳуқуқшуноснинг сайёр консультациялари ташкил қилинмоқда.  

    Гўзал, Оқдарё ривожланиш марказининг ўқувчиси, қуйидагиларни баён қилди:
    
    – Отам менга «САБР» Оқдарёдаги Политехника коллежининг биносида янги марказ очганлиги тўғрисида айтдилар. Авваллари отам «САБР микрокредит ташкилоти» шуъба корхонасида микрозаймларни оларди. Марказдаги машғулотларда мен тикувчилик ва парда тикиш соҳасида кўникмаларга эга бўлдим. Дастурдаги иштироким менинг ўз ўзимга берадиган баҳоимни оширди. Мен ўз бизнесимни бошлашим мумкинлигини тушуниб етдим. Яқинда эса «САБР микрокредит ташкилоти» шуъба корхонасидан имтиёзли микрозайм олишга муваффақ бўлдим. Бу сармояга мен турли матоларни сотиб олиб, буюртма асосида парда тикишни йўлга қўяман.

Самарқанд шаҳридаги Маҳаллий ривожланиш маркази

Европа Иттифоқининг IBPP дастури бўйича амалга оширилаётган «Қишлоқ жойларида ҳаётни барқарор таъминлаш ва турмуш стандартларини яхшилаш учун маҳаллий ҳамжамият ривожланишини қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида қишлоқ жойларида иккита янги Маҳаллий ривожланиш марказларини (МРМ) очиш ва Ургут туманида аввалроқ ташкил этилган марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш режалаштирилган эди. Лекин Оқдарё туманида МРМ очилиб, унинг тақдимоти ўтказилгандан сўнг, «САБР» Марказига Самарқанд вилоятининг бошқа қишлоқ ҳудудларида яшовчи одамлардан шу каби марказларни уларнинг туманларида ҳам очишни илтимос қилиб кўпгина қўнғироқ ва илтимосномалар келиб тушди.
Молиявий ва ташкилий имкониятлар ҳамда яшовчиларнинг кўп сонли илтимосларини ҳисобга олиб, вилоятнинг барча минтақаларида яшовчи ёш аёллар ва қизларнинг янада катта сонини қамраб олиш учун навбатдаги Марказий ривожланиш марказини Самарқанд шаҳрида очиш юзасидан қарор қабул қилинди. Бу масалада вилоятнинг деярли барча туманларидан келган 1500 нафар ўқувчилар сабоқ олаётган Самарқанд педагогика коллежи жуда манфаатдор ва ишончли шерикка айланди. Ушбу ғоя вилоят коллежлар Бошқармаси томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Тегишли меморандумлар имзолангандан кейин 2014 йил 15 августда лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳрининг Педагогика коллежида Маҳаллий ривожланиш маркази очилди.
Амалга оширилаётган лойиҳанинг вазифаларидан бири заиф аҳоли гуруҳларига ижтимоий хизматларни тақдим этишни яхшилаш ва кучайтириш мақсадида ННТ, маҳаллий ҳамжамият ва ҳокимият органлари вакиллари ўртасида барқарор ижтимоий шерикликни ривожланишдан иборат.  
Коллеж маъмурияти ўқув хоналари ва тренинг зали ҳамда ресурс кутубхонасини тайёрлаш бўйича ишларни ўтказди, сўнг улар лойиҳа доирасида тикув машиналари, компьютерлар, сартарошлик ва қандолат ускуналари, мебеллар билан жиҳозланди.  
Ҳозирги вақтда педагогика коллежининг ўқувчи қизлари ва теварак-атрофдаги маҳаллалар хотин-қизларига Маҳаллий ривожланиш марказида тикувчилик, компьютер, сартарошлик ва қандолатчилик соҳасида профессионал кўникмалар берилмоқда.  Шунингдек, марказ мутахассислари улар учун самарали мулоқот, бизнес ва маркетинг юритиш асослари, соғлом турмуш тарзи, оиладаги муносабатлар психологияси бўйича тренинглар ўтказиб келмоқдалар.

Янгиликлар

Сайтда маслаҳат бериш

2336666
Мурожаат учун маълумотлар