





Кам таъминланган оилалардаги аёллар ва қизларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини мувозанатлаштириш ва уларни иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида Оқдарё, Тайлоқ, Ургут туманлари ва Самарқанд шаҳрида ижтимоий кўникма марказлари ташкил этилди ва фаолият кўрсатмоқда.

Марказларда бичиш - тикиш кўникмалари, зардўзлик, бадиий миллий каштачилик, сартарошлик иши ва компьютер саводхонлиги бепул ўргатилади.
Бу марказларда 2003-2011 йиллар мобайнида 582 та қизлар таҳсил олишди. Шу билан бирга қизларда лидерлик қобилиятларини шакллантириш, муваффақиятли мулоқот, бизнес ва маркетингни олиб бориш асослари, соғлом турмуш тарзи, оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги муносабатлар психологияси мавзуларида семинар-тренинглар ўтказилди.
Кўпинча хотин-қизлар келгусида пул ишлаб топиш учун, ўзи ва оила аъзоларига тикиш учун бичиш-тикиш ишини афзал топишади. Таҳсил олгандан кейин қизлар якка меҳнат фаолияти билан шуғулланишади ёки тадбиркорлик фаолиятини бошлашади.
Таҳсил олиб бўлишганидан сўнг, кичик бизнесни ривожлантириш учун «Сабр микрокредит ташкилоти» шўъба корхонаси томонидан имтиёзли микроқарзлар олишлари мумкин. Бу фаолият вилоят ҳокимлиги, маҳалла қўмиталари ҳамкорлигида амалга оширилади.